Logo - Turizm
UZ
UZ RU EN
logo sport
Bosh sahifa \ Yangiliklar \ Халқаро конференция олдидан: ҚЎҚОН ХОНЛИГИ ДАВРИДАГИ СЎХ.

Халқаро конференция олдидан: ҚЎҚОН ХОНЛИГИ ДАВРИДАГИ СЎХ.

« Back

Халқаро конференция олдидан: ҚЎҚОН ХОНЛИГИ ДАВРИДАГИ СЎХ. 07.06.2022 10:36

Маълумки, Сўх қишлоғи ўзининг фусункор табиати, қадимий тарихи, ибтидоий одамлар манзилгоҳлари, “тош тумор”и, шоҳ Бобур билан боғлиқ афсона ва ривоятлари билан машҳурдир.

Ушбу манбалар қайсидир жиҳатдан Қўқон хонларининг келиб чиқиш тарихи билан ҳам боғлиқ. Бобур ва “Олтин бешик” афсонаси ҳақида сўз кетганда, маҳаллий тарихчилар бу воқеани Сўх атрофларида содир бўлганлигини таъкидлайдилар. Ўзбекларнинг Минг уруғи вакиллари шу ердан ўта туриб чақалоқни топиб олган ва унга “Олтин бешик” деб исм кўйишган. Мирзоолим Мушрифнинг ёзишича, Бобур Ҳиндистонда подшоҳлик вақти ўғлини олиб келиш учун Фарғонага элчи юборган. Аммо фарғоналиклар шахзодани ўзимизга хон киламиз, деб олиб қолишган. Орадан икки юз йил ўтиб Олтин бешикнинг ўнинчи пушти Шоҳруҳбий 1709 йили Қўқон хони бўлади ва улар ўзларини “Олтин бешик” орқали темурийлар ва чингизийлар авлодига боғлаб «Хон» унвонини олишга қонуний ҳақли эканликларини асослаб келишган. Шу сабабдан Қўқон муаррихлари ўз асарининг кириш қисмида ҳар доим Бобур Мирзо ва Амир Темурнинг авлоди эканликларини эслатиб ўтишга одатланишган.  

Темурийлардан кейин бутун Фарғона водийсида бўлгани каби, Сўхнинг ҳам иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида инқироз кузатилди. Қадимий қўрғонлар ташландиқ-ҳаробага айланди, турли талончилик урушлари, бош-бошдоқликлар оқибатида аҳоли сони кескин камайиб кетди. Қўқон хонлиги шаклланган илк йилларда Сўх ва унинг атрофидаги қишлоқларда бор-йўғи 400-500 оила истиқомат қиларди холос. Аҳамиятлиси айнан шу оилалар ўзларининг қадимий удумларини, урф-одатларини, энг муҳими фақат Сўхгагина хос бўлган сўзлашув лаҳжасини сақлаб қолган. Сўхликлар тилига форс тилида сўзлашувчи бошқа тиллар маълум даражада таъсир ўтказган бўлса-да, унинг негизида қадимий тил элементлари жуда кўп учрайди.

Сўхликларнинг яна бир хусусияти Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларида яшовчи форс тилли аҳоли сўзлашувида кузатилган туркийлашиш жараёни ёки ассимиляциялашиши бу ерда жуда кам сезилади. Айрим тадқиқотчилар, сўхликлар тили замирида қадимий фарғоналикларнинг диалекти ётганлигини таъкидлайди. Нима бўлганда ҳам бу борада тилшунослар­нинг қиладиган ишлари талайгина. Келгусидаги тадқиқотлар ушбу масалага ойдинлик киритади, деб ўйлаймиз.

XVI-XVII асрларда Сўхдан ўтувчи савдо карвонлари сони ҳам кескин камайиб, карвонсаройлар ва бозорлар ҳувуллаб қолди. Оқибатда одамлар фақат деҳқончилик билан кун кўришга мажбур бўлди. Савдо ва ҳунармандчилик фақат маҳаллий аҳамият касб этарди холос. Маъмурий жиҳатдан сўхликлар шу номлик қишлоқ атрофида бирлашиб, ўз хавфсизликларини таъминлаш мақсадида алоҳида саркорлик тузишга мажбур бўлишган. Зотан улар Бухорога маълум миқдордаги солиқ тўлаб турган бўлсалар-да, амалда мустақил қарорлар қабул қиларди. Солиқ ҳам бир йил бир марта тўланарди. Қолган вақтда Сўх аҳолисидан йиғилган солиқ ҳамжиҳатликда сарфланарди.

Сўхга атрофдаги йирик давлатлар унинг стратегик аҳамияти учун эгалик қилишга интилган. XIХ аср манбаларида ҳам Сўх Қўқон хонлиги таркибидаги саркорлик сифатида тилга олинади.

Бу вақтда Сўх Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлиги ўртасидаги муносабатларга узвий боғлиқ бўлиб қолган эди. Ҳатто кўп вақтлар бу ҳудуд мунозарали ерлар сифатида у ёки бу давлат қўлига ўтиб турган.  Қўқон хонлиги эндигина оёққа тураётган вақтларда (XVIII аср бошларида) Сўх улар учун аҳамиятсиздай туюлган эди. Шу сабабли Сўх дарёси ўзани бўйлаб мудофаа истеҳкоми сифатида дарёдан анча пастдаги, Қўқоннинг жануби-шарқидаги Сариқўрғон қишлоғи танланган. Бу қишлоқда қадимий қўрғон қолдиғи бўлиб, у шундоққина дарё қирғоғида қад кўтариб турарди. Қўрғон сунъий кўтарилган тепалик устида жойлашган. Ундан атрофдаги йўл, ариқ, сойлар ва ҳатто узоқ Туркистон тоғи этагидаги табиий тўқайзорлар ҳам кафтдагидай кўриниб турган. Бунинг устига шу жойдан Сўх сувини Қўқон атрофидаги қишлоқларга йўналтириш имконияти бор эди. Вақтлар ўтиши билан бу қўрғоннинг ҳарбий аҳамияти сусайиб, фақат иқтисодий жиҳатдан ўз ўрнини сақлаб қолди холос. Шунга қарамай унда аскарлар доимий яшаб, улар дарё суви тақсимоти ва унинг ўзани бўйлаб келаётган карвонлар хавфсизлигини таъминлаб турган.

XVIII аср охирларида хонлик ҳудуди кенгайиб, Сўх водийси ҳам унинг таркибий қисмига айланди ва яна ўзининг қадимий мавқеини тиклай бошлади. У орқали ўтувчи карвонлар сони яна кўпайди. Норбўтабий даврида Сўхда доимий яшовчи чегарачилар бўлинмаси жойлашган эди. Улар ўзлари учун истеҳком (казарма) қуриб, домий навбатчиликни амалга оширишган. Бу эса, фавқулодда душман ҳужуми олдини олиш билан бирга дарё ўзани бўйлаб Қоратегиндан келаётган карвонлар, кўчманчи халқлар хавфсизлигини таъминлаган. Жойнинг табиий ландшафти давлатни муҳофаза қилиш учун жуда қулай бўлиб, хонликнинг чегара қисмлари учун унда турли иншоот ва қурилмалар барпо этилган. Табиийки, бу каби иншоотлар бир эмас, бир нечта бўлган. Вақти-вақти билан улар таъмирланган ва қайта қурилган. Айримлари бутунлай бузиб юборилган. Сақланиб қолган истеҳком-қўрғонлардан энг машҳури “Худоёрхон қалъаси” (чегара пости) ҳисобланади.

Худ. Кал

“Худоёрхон қалъаси” деб ном олган бу ёдгорлик тарихчиларга яхши маълум бўлиб, у XVIII аср охирларида қурилган. Сўнгги марта Қўқон хони Худоёрхон томонидан мукаммал таъмирланганлиги учун объект шу ном билан сақланиб қолган. Таҳминан 500 м.кв.даги майдонни эгаллаган мазкур объектда 100 га яқин чегарачи аскарлар доимий яшаган. Қалъа Сўх дарёсининг юқори қисмида, Туркистон тоғи этакларида (ҳозирги Боткен вилояти ҳудудида), дарё ўзани бўйлаб ўтадиган карвон йўлида жойлашган. Стратегик жиҳатдан жуда қулай нуқтани эгаллаган ва душманнинг фавқулодда ҳужумидан ландшафтнинг ўзи ҳимоялаган. У тош аралаш пахсадан қурилган. Ундаги милтиқдан ўқ узиш учун мўлжалланган нишаклар хали ҳануз сақланиб қолган. Афсуски, қалъанинг ички қисмидаги бинолар (казармалар) совет даврида бузиб ташланган ва уларнинг ўрни ўрикзор боққа айлантириб юборилган.

1871 йил Қўқон хонлигига келган рус олими А. П. Федченко Сўх қишлоғида бўлиб, бу ерларни ҳар томонлама ҳавф-хатардан холи жой эканлигини кўргач, куйидагиларни ёзиб ўтган: “Мен Қўқонда бўлган вақтимда Сўхда хон томонидан қўрғон қурилганлигини айтишди. Шу қўрғонлардан бири ҳақида эшитганим шу бўлдики, қўрғон одам чиқиб бўлмас баланд қоя устида барпо этилган экан… Сўхнинг юқори қисми деярли ҳар томондан тоғлар билан ўралган бўлиб, шарқ, шимол ва жанубдан томондан келадиган йўлларни юқоридан кўриниб туради. Ғарбдан бўлса, Чичиктов (Кичик тоғ) тарафдан йўл мавжуд бўлса-да, ундан юриш жуда ҳавфли экан. У ҳам бўлса, Сўхнинг қуйи томонига олиб борувчи йўлдир ...”

Қўқон хонлиги даврида Сўх орқали юзлаб карвонлар, ҳарбий қўшинлар ва кўчманчи халқлар ўтган, одамлар сони ортди. Савдо ва ишлаб чиқариш ривожланди. Сўх атрофидаги мадан конлари яна қайта ишга туширилди. Айниқса, сурма, кумуш ва темир рудаларини қазиб чиқариш саноат даражасига етди. Бу конларнинг атрофини ҳам махсус соқчилар қўриқлаб турган.

Алоҳида саркорлик сифатида, қишлоқ оқсақоли ихтиёрида шу ерлик йигитлардан ташкил топган махсус соқчилик гуруҳларига эга бўлди. Ҳозирги кунда сақланиб қолган Хўжа Ориф, Қулфи Занжиркушод, Султон Маҳмуд Ғазнавий, Ҳазрат Али ва бошқа зиёратгоҳлар шу даврда ободонлаштирилди. Зотан улардаги илк иншоотлар сақланиб қолмаган бўлса-да, ҳозирдаги замонавий мақбаралар айнан ўша даврда қурилган бинолар ўрнида қад кўтариб турибди. Шу даврда муқаддас жойларга мақбаралар қурилиб, уларни зиёрат қилувчи одамлар сони кўпайди. Ҳатто давлат амалдорлари ҳам ёз ойларида Сўхга бориб дам олишга одатланган эди.

Худоёрхон даврида Сўхда қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Илгари Қўқон шаҳри яқинидаги Мўйи Муборак зиёратгоҳи ёнида жойлашган қоғозгарлик устахонаси хоннинг фармони билан Сўхга кўчириб келтирилди. Устахона билан бирга унга алоқадор бўлган усталарнинг оилалари ҳам Сўхга кўчиб борди. Бу қоғозгар усталар қадимий усул билан “Қўқон қоғози”ни ишлаб чиқарар эди. Афсуски, ўлкага саноатлашган арзон Европа қоғозларининг кириб келиши, қолаверса Қўқон қоғози учун хом-ашё етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар туфайли қоғоз ишлаб чиқиш устахонаси самарали ишлай олмади.

Хонликнинг сўнгги йиларида рўй берган сиёсий воқеалар Сўхни ҳам четлаб ўтмаган. 1861-1862 йилларда Сўх атрофида чўпон Кури Ёр бошчилигида Қўқон хонлигига қарши қўзғолон бўлиб ўтган. Унда Ҳушёр, Қизилқиёқ, Шайхатола, Деҳвайрон каби қишлоқларнинг аҳолиси ҳамда Сўх атрофида яшайдиган қирғизлар ҳам қатнашган.

Сўх аҳолисининг навбатдаги катта қўзғалони 1871 йилда ҳушёрлик Мулло Мир ва Мулло Ашурлар бошчилигида уюштирилган. Қўзғолончилар Деҳвайрон, Санги Навишта, Дара мавзеларида тоғдан тош ағдариб, хонлик томонидан юборилган қўшинни тошбўрон остига олиб, унга каттагина талофат етказган эди. Шу қўзғолондан кейин Сўхга келган А. Федченко «вазият ҳанузгача ташвишли ва ҳавфли» эканлигини ёзганди.

1875 йилда ҳукуматга қарши кўтарилган қўзғалонда сўхликлар ҳам иштирок этишига қарамай, унинг тўзонида айрим Сўх қишлоқлари талон-тарож қилинди. Ўшанда Худоёрхон пойтахтдан чиқиб, Хўжандга қараб кетаётган бир вақтда унинг карвони қўзғалончилар томонидан талаб кетилади. Қўқондан чиққанда хоннинг 80 дан ортиқ араваси, 200 дан ортиқ навкарлари, 70 та хотин ва канизлари бор эди. Хонни ўз йигитларидан ташқари М. Скобелев бошчилигидаги рус-қўриқчи бўлинмалари ҳам қўриқлаб борган. Маҳрамга етиб борганларида карвоннинг ярми йўқ эди. Қўзғалончилар ўлжа билан чалғиб, қочқинларни таъқиб қилмади.  Хоннинг ўзи қолган-қутган аскари ва оила аъзолари билан бирга бир амаллаб Хўжандга етиб олади. Таланган аравалардаги бойликлар, хон архиви, ғазнаси, кимҳоб матолар ва бошқа бойликлар жануб томондаги Туркистон тоғи этакларига ташиб кетилган эди. Бу бойликлар қачонлардир хон ҳукумати томонидан қидирилиши ва у янги урушга сабабчи бўлиши мумкинлигидан чўчиган қўзғалончилар уларни Исфарадан тортиб Шоҳимардонгача бўлган табиий ғорлар, руда конлари ва тоғ ораларидаги дара-ковакларга беркитишади. Албатта, бу ҳақда саноқли одамларгина хабардор бўлган.

Аммо тақдир бошқача ҳукм қилди. Худоёрхон ҳукумати қайта тикланмади. Қўзғалончиларнинг аксарияти рус жазо бўлинмалари томонидан ўлдирилди, бошқалари водийдан чиқиб кетиб жон сақлади. Беркитилган хон ҳазинаси эса, изсиз йўқолди. У ҳақда халқ орасида турли миш-миш ва афсоналар тўқилди. Рус ҳукумати ҳам хон ҳазинасини қидириб топиш учун Туркистон ва Олой тоғларига бир неча “илмий” экспедициялар уюштирди. Бундан Сўх атрофидаги ғор-унгурлар ҳам четта қолмади. Албатта бу экспедицияларнинг мақсади ва унинг натижалари ўта маҳфий эди. Экспедициялар натижа берганми-йўқми, бу ҳам қоронғу. Лекин халқ орасида шу воқелар билан боғлиқ миш-мишлар анчагача изғиб юрган.


Aloqalarimiz
Manzili:
150100 г. Farg'ona sh, Alisher Navoiy k-si, 17 A-uy. Tel., +998732441440, +998732444914